Múrájat ushın isenim telefonı

background

Соддалаштирилган тартибда иш юритиш

Соддалаштирилган тартибда иш юритиш

Ўзбекистон Республикасининг “Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 2019 йил 20 март куни ЎРҚ-531-сонли Қонуни қабул қилинган. Ушбу Қонун билан бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли тартибда ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг “231-боб. Соддалаштирилган тартибда иш юритиш” деб номланган боб билан тўлдирилди. Иқтисодий судларда ишларни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш учун юридик шахсларга нисбатан – базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан; (245 000 х 20 = 4 900 000 сўм 01.02.2021 йил ҳолатига кўра) якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса – 5 бараваридан (245 000 х 5 = 1 225 000 сўм 01.02.2021 йил ҳолатига кўра) ошмайдиган даъволар кўриб чиқилади.

Лекин, мазкур қоида корпоратив низолар бўйича (ИПКнинг 30-моддаси) ва ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларга (ИПКнинг 27-боби) тааллуқли эмас.

Ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб билдирилган бўлиб, улардан бири соддалаштирилган тартибда кўрилиши мумкин, бошқалари эса бундай тартибда кўрилиши мумкин бўлмаса, барча талаблар умумий тартибда кўрилади.

Бугунги кунда соддалаштирилган тартибда иш юритишни ўтказиш тартиби Россия, Франция, Германия ва Англия каби мамлакатлар процессуал қонунчилигида белгиланган.

Иқтисодий процессуал кодексида даъво аризасига ва унга илова қилинган ҳужжатларга доир талаблар бўйича соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга топширилади. Даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриб чиқиладиган иш бўйича эса даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга ва учинчи шахсларга юборилади.

Иқтисодий ишлар бўйича даъво аризаси юзасидан ёзма фикр соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича берилганда даъво аризасининг кўчирма нусхасижавобгарга топширилган пайтдан эътиборан 15 (ўн беш) кунлик муддатда судга юборилади, суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилгунига қадар келиб тушган ва ўз вақтида тақдим этишнинг имкони бўлмаганлиги асослантирилган бўлса, қабул қилинади, умумий қоидалари бўйича эса иш кўриладиган кунгача етиб боришини таъминлайдиган муддатда судга юборилади.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича ишни кўриб чиқиш муддати даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан          20 (йигирма) кундан ошмаган муддатда даъво аризаси юзасидан ёзма фикрни, далилларни ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтгандан кейин, умумий қоидалар бўйича эса ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан 1 (бир) ойдан ошмаган муддатда кўриб чиқилади.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича муддати узайтирилмайди.

Киритилган қўшимчага асосан, соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича иқтисодий ишларни кўриб чиқиш тартиби суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади. Суд тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда баён қилинган тушунтиришларни, эътирозларни ва (ёки) важларни текширади, далиллар билан танишади, ашёвий далилларни кўздан кечиради ва ҳал қилув қарорини қабул қилади.

Қонунларимизга киритилаётган бу каби ўзгартиришлардан кўзланган асосий мақсад судлов ишини самарали олиб бориш, фуқароларимиз ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш, уларни узоқ муддат давомида суд идораларидаги сарсонгарчилигини олдини олиш, низоларни қисқа муддатда ўз ечимини топишга эришиш, шу билан бирга мулкдорлар ҳуқуқларини судлар томонидан сифатли ҳимоя қилинишига замин яратади деб ўйлаймиз.

Давлетов Дилмурат Ибрахимович Қўнғирот туманлараро иқтисодий суди судьяси

Skip to content