Múrájat ushın isenim telefonı

background

Банкротлық ҳәм кәрханаларды саўалландырыўдыӊ санация усылы қалайынша әмелге асырылады?

Банкротлық ҳәм кәрханаларды саўалландырыўдыӊ санация усылы қалайынша әмелге асырылады?

Ўзбекистон Республикаси «Банкротлик тўғрисида»ги Қонунининг  4-моддасига кўра,  қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги:

агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, қарздор шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса — олти ой ичида бажарилмаган бўлса;

агар қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида уч юз бараварини ташкил этса, қарздор шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхонага нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг камида беш минг бараварини ташкил этса, қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан эса базавий ҳисоблаш миқдорининг камида йигирма бараварини ташкил этса, қарздорнинг банкротлик аломатлари деб эътироф этилади.

Тўловга қодир бўлмаган хўжалик юритувчи субъектларнинг банкротлик механизмини шакллантириш миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг муҳим шартларидандир. Банкротлик таомили фақат бюджет ташкилотларигагина эмас, балки барча хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига ҳам татбиқ қилинади.

Банкротлик институти тўлов қобилиятини йўқотган қарздорларнинг тижорат фаолиятини тугатиш ва иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолган хўжалик юритувчи субъектларга ўз фаолиятини қайта ташкил қилиб, тўлов қобилиятини тиклаш имкониятини беради. Бу ўз навбатида, иқтисодиётни соғломлаштиришга йўл очади.

Шу ўринда «Банкротлик тўғрисида»ги қонуннинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаш зарур. Чунки ушбу қонун бозор иқтисодиёти шароитида хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида рўй берадиган иқтисодий ночорликни қонуний асосларда таҳлил қилиб берадиган ягона қонун ҳужжати сифатида майдонга келган.

Бу борада халқаро тажрибага назар ташлайдиган бўлсак, илмий тадқиқотларда банкрот корхоналарни соғломлаштиришнинг турли чора-тадбирлари хусусида сўз боради. Аксарият тадқиқотчилар корхонани соғломлаштиришнинг 30 га яқин тури мавжудлигини қайд этган.

Ўзбекистонда корхоналарни соғломлаштиришнинг санация усулидан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Аслида санация, банкротлик каби институтлар бозор муносабатларига хос бўлган ва муайян шароитларда юзага келувчи иқтисодий жараён ҳисобланади.

Айтиш керакки, санация институти судгача санация ва суд санацияси жараёнларини ўз ичига олади. Судгача санация иқтисодий судлар томонидан банкротлик тўғрисидаги иш қўзғатилмасдан олдин амалга оширилади. Суд санацияси эса, иқтисодий судлар томонидан қарздорнинг тўлаш имкониятларини тиклаш ҳамда кредиторлар олдидаги қарзини қоплаш мақсадида жорий этилади.

«Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг 32-моддасида судгача санация чора-тадбирлари кўрсатилган. Бу таомилни суд санацияси жараёнида ҳам қўллаш мумкин.

Банкротлик жараёнидаги ушбу босқичнинг аҳамиятли томони шундаки, суд санациясини амалга ошириш орқали қарздорни банкрот деб топиш ҳамда тугатишга доир иш юритишни бошлашнинг олдини олиш мумкин.

Акс ҳолда, қарздорнинг хўжалик юритувчи субъект сифатида тугатилишига олиб келади.

Энг муҳими, миллий иқтисодиёти тобора равнақ топаётган мамлакатимизда асосий мақсад — тадбиркорлик субъектларини банкрот қилиш эмас, балки уларни моддий ва молиявий жиҳатдан соғломлаштиришга кўмаклашишдан иборат эканини асло унутмаслигимиз керак.

Зеро, тадбиркорларимиз халқаро муносабатларда рақобатбардош субъект сифатида ўзини намоён этиб, иқтисодиёт ривожига муносиб ҳисса қўшишидан барчамиз бирдек манфаатдормиз. Президентимиз таъбири билан айтганда, бизнинг муҳим вазифамиз кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини, юртимизда тинчлик ва барқарорлик, ижтимоий тотувликни мустаҳкамлашдан, бу соҳа улушини янада ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришдан иборат.

Қўнғирот туманлараро иқтисодий суди судьяси Давлетов Дилмурат Ибрахимович

Skip to content