Овқатланишнинг ҳам ўзига хос тартиблари борки, ҳар ким унга ёши, саломатлик даражаси ва меҳнат қилиш туридан келиб чиқиб ёндашиши тавсия этилади. Овқатланиш инсон иш қобилиятига, ҳаёт сифати ва умр давомийлигига сезиларли таъсир кўрсатади.
Таркибида туз, қанд, ёғ миқдори кўп ва юқори калорияли таомларни мунтазам тановул қилиш ва камҳаракатлилик қонда холестерин (ёғсимон заррачалар) миқдорини ошишига сабаб бўлади.
Бу ҳолат қон босимини кўтарилиши, миокард инфаркти, инсульт, буйрак касалликлари, меъда-ичак тизими касалликлари, семириш ва қандли диабетга мойиллик туғилишининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади
Тўғри овқатланишда:
• овқатланишда хилма-хил маҳсулотларнинг бўлиши; озиқ-овқатларнинг тозалиги, сифатлилиги ва янгилиги;
• минераллар, витаминлар, оқсил ва карбонсувлар, темир моддасига бой бўлган озиқ-овқатлар танлаш;
• рационда мева-сабзавотларнинг ҳар кунг бўлиши (400 гр дан кам бўлмаслиги)
• овқатланиш тартиби ҳамда одобларига риоя этилиши,
• туз, қанд ва ёғларни меъёрда истеъмол қилиш лозим.
СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНИШ ПИРАМИДАСИ.
Ушбу пирамида 2005 йилда Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан соғлом овқатланишнинг негизи сифатида тавсия этилган. Пирамиданинг асосини жисмоний ҳаракатлар даражаси ва вазн назорати ташкил этса, кейинги босқичини ҳўл мева ва сабзавотлар, бошоқлилар, дуккаклилар, картошка, ёрма, гуруч ҳамда нон маҳсулотлари, ундан кейинги босқичларини эса гўшт, балиқ, товуқ, пишлоқ, сут маҳсулотлари, сариёғ, тухум кабилар ташкил этиб сўнгги боскич яъни пирамида чўққиси қандолат маҳсулотлари, шакар, туз ва ёғлар билан якунланади.
Овқатни куннинг маълум вақтида истеъмол қилиш – бу шартли рефлекслар ҳосил бўлишига имкон яратади ҳамда ўз навбатида организмни овқат қабул қилишга тайёрлайди. Нонушта ва тушлик, тушлик ва кечки овқатлар оралиғидаги вақт 5 – 6 соатни ташкил этиши, мабодо уйқудан олдин овқатланиш иштиёқи бўлса камида –2-3 соат олдин таом қабул қилиш керак.
– Кунда 4 маротаба овқатланишда – унинг тахминан 25 % биринчи нонуштага, 15 % иккинчи нонуштага, 35 % тушликка, 25 % кечки овқатга тўғри келиши лозим.
Кунда 5 маротаба овқатланишда кўпроқ таомни эрталаблари ва тушликда бўлса, камроқ қисми кечки овқатга тўғри келиши керак.
Юқорида баён этилганлардан кўриниб турибдики, истеъмол қилинаётган озиқ – овқат сифати, тури, миқдори, ўз вақтида ва маълум бир меъёрда овқатланиш, инсон тўлақонли ҳаёт кечириши учун муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Унутманг!
Озиқ-овқатлар хилма-хиллигига эътибор беринг! Саломатликни асрашда меъёрни сақлаш жуда муҳим ҳисобланади.
Шуманай тумани Санитария-эпидемиология асойишталик маркази