Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизимини ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш учун зарур шароитлар яратиш, улғайиб келаётган ёш авлоднинг илм-фанга бўлган интилишларини рағбатлантириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш борасидаги ислоҳотларни тизимли амалга ошириш, шунингдек академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 декабрь кунги “Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизими ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4910-сонли қарори қабул қилинган.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар тизимидаги олий таълим муассасалари, шунингдек хорижий олий таълим муассасалари ҳузуридаги академик лицейларда ўқувчи ёшларга таълим беришда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиш қайд этилган:
иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни академик лицейларга саралаб олиш, чуқурлаштирилган таълим дастурлари асосида ўқитиш;
ўқувчи ёшларда кенг дунёқараш, интеллектуал салоҳият, ижодий ва таҳлилий фикрлашни ривожлантириш, илм-фанга бўлган қизиқишни ошириш, уларнинг фан олимпиадаларидаги иштирокини кенгайтириш;
ўқувчиларни амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш, ватанпарварлик, изланувчанлик ва яратувчанлик руҳида тарбиялаш;
академик лицейларда таълим сифатини яхшилаш, замонавий ахборот-коммуникация ва таълим технологияларининг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш, ўқувчиларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, уларни «устоз-шогирд» тизими асосида тегишли соҳада юқори натижаларга эришган малакали мутахассисларга бириктириш;
таълим жараёнини мазмунли ва самарали ташкил этиш учун педагоглар малакасини ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириб бориш тизимини ислоҳ қилиш;
замонавий таълим инфратузилмаси талабларидан келиб чиқиб, академик лицейлардаги мавжуд моддий-техник базани мустаҳкамлаб бориш, билимларни мустақил шакллантириш учун шароит ва имкониятларни кенгайтириш.
Илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутувчи ўқув меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш:
умумтаълим фанлар соати ҳисобига чуқурлаштирилган фанлар соатини ошириш ҳамда улар улушини камида 50 фоизга етказиш;
умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартида 10-11-синф ўқувчилари умумтаълим тайёргарлигига қўйилган мажбурий талабларни шакллантириш билан бирга уларнинг иқтидорини ҳар томонлама ривожлантириш имконини берувчи ўқув дастурлари асосида ўқитиш тартибини жорий этиш;
таълим босқичлари узлуксизлигини таъминлаш мақсадида олий таълим муассасаларининг турдош таълим йўналишларида такроран ўқитиладиган фанларни академик лицейлар ўқув дастуридаги тегишли фанлар билан унификация қилиш.
Академик лицейларда ўқиш даврида унификация қилинган фанларни ўзлаштирган, олий таълим муассасаларида талабаликка қабул қилинган таълим олувчилар учун ушбу фанларни ўзлаштириш ихтиёрий ҳисобланади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги унификация қилинган фанлар бўйича дарс машғулотлари тегишли олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилишини таъминласин.
Фан олимпиадалари, танлов ғолиблари ва фанларни ўзлаштириш сертификатига эга бўлганлар учун имтиёзлар мазкур академик лицейларга ўқишга қабул қилишда ҳам инобатга олиниши белгиланган.
Академик лицейларга ҳужжат топширувчиларни рўйхатдан ўтказиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайти орқали амалга оширилади;
академик лицейнинг тегишли йўналишида ўқиш учун келиб тушган аризалар сони белгиланган қабул параметрига 2:1 нисбатдан кам бўлган ҳолларда мазкур йўналиш бўйича қабул параметрлари тегишли ўқув йили учун аризалар сонига нисбатан икки баравар қисқартирилади, бундан мазкур йўналиш учун бир академик гуруҳ ўқувчилари сонига тенг бўлган ҳоллар мустасно;
икки босқичли тизимда дастлабки ёзма имтиҳон кириш тест синовларидан аввал бўйсунуви бўйича тегишли олий таълим муассасаси назорати остида академик лицей томонидан ўтказилади ҳамда унинг якунлари бўйича ўқувчиларни кириш тест синовларини топширувчилар рўйхатига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинади;
икки босқичли тизимда дастлабки ёзма имтиҳонни ўтказиш тартиби ҳамда баҳолаш мезонлари бўйсунуви бўйича тегишли олий таълим муассасаси ректори томонидан тасдиқланади ҳамда 2021 йил 1 февралга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмий веб-сайти ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Шундай тартиб ўрнатиш белгилаб қўйилган:
академик лицейлар фаолияти йилига камида икки маротаба Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ҳайъат йиғилиши ҳамда олий таълим муассасаларининг илмий кенгашида кенг муҳокамадан ўтказилади;
олий таълим муассасаларининг ўқув ишлари учун масъул проректори (филиал директори ўринбосари) бир вақтнинг ўзида академик лицей директори ҳисобланади. Бунда, олий таълим муассасаларининг ўқув ишлари учун масъул проректор (филиал директори ўринбосари)ларига нормативларга мувофиқ белгиланадиган устамаларга қўшимча равишда олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан базавий лавозим маошига нисбатан ҳар ойлик 20 фоиз устама тўланади;
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан чет тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификатини бериш бўйича академик лицейларнинг иккинчи босқич ўқувчилари учун тўртинчи семестр давомида бепул тест синови ташкил этилади;
олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинмаган ҳамда касб-ҳунар эгаллаш истагида бўлган академик лицей битирувчилари бўйсунуви бўйича олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан касб-ҳунарга ўргатиш курслари (марказлари)да ўқитилади. Бунда, тегишли олий таълим муассасалари ректорлари (филиал директорлари) ушбу битирувчиларга касб-ҳунар ўргатиш ишларини ташкил қилиш ва уларга ҳар томонлама кўмаклашиш учун масъул эканлиги белгилаб қўйиш.
Академик лицейларга ходимларни педагогик фаолиятга жалб этиш учун белгиланган камида 5 йил узлуксиз педагогик иш стажига эга бўлиш тўғрисидаги талаб бекор қилинган.
Кўйидагилар белгиланган:
академик лицейлар базасида ушбу лицейларга ўқишга тайёрлаш, компьютер саводхонлигини ошириш, касб-ҳунар, жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи ёрдамида хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш) орқали ўзини ўзи банд қилиш (фрилансинг)ни ўргатиш бўйича таълим хизматларини, ёзги ва қишки мактабларни ташкил этиш;
пуллик таълим хизматларини кўрсатиш учун муаллифлик методикалари асосида ишлаб чиқилган, бўйсунуви бўйича тегишли олий таълим муассасалари кенгаши қарори билан чоп этилишига рухсат этиладиган тайёрлов ўқув адабиётларини яратиш.
Академик лицейларга бюджетдан ташқари, шунингдек олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан:
иқтидорли педагогларнинг хорижий мамлакатлар таълим муассасаларида ўз мутахассислиги бўйича қисқа муддатли малака ошириш, шу жумладан онлайн курсларда ўқиши билан боғлиқ харажатларни тўлиқ ёки қисман қоплаш;
юқори малакали, шу жумладан хорижий мутахассисларни ўқув жараёнига жалб этиш, алоҳида ютуқларга эришган педагог ва ходимларга устамалар ҳамда моддий рағбатлантиришнинг бошқа турлари миқдорларини мустақил белгилаш ва тўлаш;
иқтидорли, шунингдек аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларидан бўлган ўқувчиларни моддий рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш;
моддий-техник базани мустаҳкамлаш, канцелярия жиҳозлари, дастурий маҳсулотлар, замонавий ахборот-коммуникация воситаларини харид қилиш, тайёрлов ўқув адабиётларини нашр этиш, лицейлар веб-сайтларини яратиш ва таъминлаб бориш, масофавий таълим технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш ҳуқуқи бериш кўзда тутилган.
Зарур ҳолларда, олий таълим муассасаларига бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ўз тизимидаги академик лицейларни ушбу бандда кўрсатилган харажатларни биргаликда молиялаштиришга рухсат берилсин.
Белгилаб қўйилганки:
а) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 2021 йил 1 январдан бошлаб академик лицей педагоглари ва ходимларининг меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида:
академик лицей педагог ва ўқув-ёрдамчи ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашда Халқ таълими вазирлиги тизимидаги айрим фанларга ихтисослаштирилган мактабларнинг тегишли ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қўлланилади;
академик лицей директорининг ўқув-тарбия жараёни билан бевосита боғлиқ бўлган ўринбосарларининг базавий лавозим маошларига 20 фоиз миқдорида ҳар ойлик устамалар тўланади;
б) бўйсунуви бўйича тегишли олий таълим муассасасининг молиявий имкониятидан келиб чиқиб, бюджетдан ташқари, жумладан тўлов-контракт маблағлари ҳисобидан академик лицейларда ўрнак кўрсатган педагог ва ходимларга лавозим маошларининг 100 фоизигача миқдорида ҳар ойлик устамалар тўланади;
в) академик лицейларнинг фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD), шунингдек фан доктори ёхуд фан доктори (DSc) илмий даражаларига, профессор ёки доцент илмий унвонларига эга бўлган педагог ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра олий таълим муассасаси катта ўқитувчисига тенглаштирилади;
г) 2021 йил 1 январдан бошлаб ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида таълим муассасаси раҳбарининг базавий лавозим маошига нисбатан бош ҳисобчининг базавий лавозим маоши 80 фоиз миқдорида, ҳисобчининг базавий лавозим маоши 60 фоиз миқдорида белгиланади.
Қўнғирот туманлараро иқтисодий суди раиси А.Аяпов