Múrájat ushın isenim telefonı

background

ЎЗБЕКИСТОНДА КАРАНТИН ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК ҚАЙ ТАРТИБДА БЕЛГИЛАНГАН?

ЎЗБЕКИСТОНДА КАРАНТИН ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК ҚАЙ ТАРТИБДА БЕЛГИЛАНГАН?

Ўзбекистонда карантин қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. 26 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунни имзолади.

Жиноят кодекси карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатишга нисбатан жавобгарлик белгиланган янги 244-5-модда билан тўлдирилди. Хусусан, Жиноят Кодексининг 244-5-моддасида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатишга жазо қуйидагича белгиланди:

Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки оммавий ахборот воситалари, шунингдек Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи орқали тарқатиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жиноят кодексининг 257-1-моддасида эса санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузишга қуйидагича жазо белгиланган:

Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланиши реал хавфини келтириб чиқарса ёхуд одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келса — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солиш ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш одамнинг ўлимига сабаб бўлса — икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш одамларнинг ўлимига сабаб бўлса — етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс хавфли инфекцияга дахлдор шахснинг мажбурий равишда даволанишига доир модда билан бойитилди. Шубҳа остидаги шахсни қўлга олиш билан ички ишлар органи ва Миллий гвардия шуғулланади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг VI бобида аҳоли соғлиғини сақлаш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 53-моддасида, санитария қонун ҳужжатларини, санитария нормаларини, қоидаларини ва гигиена нормативларини бузиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасида эса эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш белгиланган. Унга кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик, давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

25 мартдан жамоат жойларида тиббий ниқобисиз юрган фуқаролар жаримага тортилиши кучга кирди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматининг хабарига кўра, санкция жорий этилган биринчи куннинг ўзида 66 нафар одам жаримага тортилган, 35 киши уй карантини тартибини бузган. Уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисида кодекснинг 54-моддаси («Эпидемияга қарши кураш тартибларини бузганлик») бўйича баённомалар тузилган.

Шуни айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистонда карантин қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтиришнинг сабаблари сифатида, бутун дунёда аҳвол нақадар жиддийлиги, кўплаб инсонлар бошқаларни бепарволигидан оиласи билан қирилиб кетиши мумкинлиги ва пандемияни энг ривожланган давлатлар ҳам тўхтата олмаётганлигини кўрсатишимиз жоиз. Президентимиз томонидан олиб борилаётган пандемияга қарши сиёсат, давлатимиз томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар Ўзбекистонда яхши натижаларга эришишга ва энг мухими, халқимизни саломатлигини, келажагимизни асраб авайлашга, ҳимоя қилишга мақсадли йўналтирилган. Ва, албатта, ҳар биримизни фуқаровий, конституцион, қолаверса, инсоний бурчимиз барча талабларга риоя қилишдир. Фақат шундагина, биз пандемия занжирини узишга эриша оламиз.

Шуманой тумани адлия бўлими
бош маслаҳатчиси Е.Канназаров

Skip to content