Глобал эпидемия ёки пандемия – бу нафақат битта шаҳар ёки мамлакатда, балки бутун дунё бўйлаб тарқаладиган ва кўплаб одамларга таъсир қиладиган юқумли касаллик тарқалиши ҳисобланади.
Пандемия муносабати билан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти соғлиқни сақлаш соҳасида халқаро аҳамиятга эга бўлган фавқулодда ҳолат эълон қилди ва глобал миқёсдаги хавф жуда юқори деб баҳоланмоқда. Вазият бутун дунё бўйлаб юқори тезлик билан ривожланмоқда, касалланганлар ва вафот этганларнинг сони кун сайин ортиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг баёнотига кўра, 2020 йил 11 мартда Коронавирус инфекцияси COVID-19 тарқалиши дунё пандемияси сифатида расман эълон қилинди. Пандемиянинг хавфи шундан иборатки, кассаликнинг масштаби ўта юқори, кассаланганлар ҳамда касалланганлар билан алоқада бўлганлар сони жуда ҳам кўп, етарли маблағ, ускуналар, изоляцион хоналар, доривор воситалар етишмовчилиги бор. Бундан ташқари аҳоли томонидан етарли даражада карантин қоидаларига риоя қилинмаётгани учун пандемияни тўхтатиш катта қийинчилиеларни юзага келтираяпти.
Карантин нима?
Карантин — маълум ҳудудни коронавирус инфекцияси тарқатувчи манбадан муҳофаза қилиш ва уни йўқотишга ҳамда коронавирус инфекциясининг бир жойдан бошқа ҳудудларга тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган маъмурий ва санитария-эпидемиологик тадбирлар мажмуи.
Айни пайтда юртимизда ҳар бир ҳудудда ҳокимлар раҳбарлигида махсус штаблар ташкил этилган. Эпидемиологик вазият бўйича ҳар соатлик ва кунлик маълумот таҳлил қилиниб, тезкор чоралар кўрилмоқда.
Тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Сиҳатгоҳ ва оромгоҳлар карантин муассасалари сифатида мослаштирилди. Тиббиёт масканлари дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан етарли даражада таъминланди. Бунинг учун бюджетдан зарур маблағлар ажратилди.
Хориждаги юртдошларимиз чартер авиарейслари орқали Ватанга қайтарилмоқда. Чегараларда ҳаракат чекланди, аммо транспортда юк ташиш тўхтатилгани йўқ.
Президентимиз вазият тўлиқ назорат остида эканини алоҳида таъкидлаб, Ўзбекистон халқига масалага масъулият билан ёндошишга, карантин талабларга тўла риоя этишига чорлаб, мурожаат қилди.
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 2020 йил 24 март соат 00.01 дан бошлаб коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилди.
Шуманой тумани адлия бўлими
бош маслаҳатчиси Е.Канназаров