Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунида аҳолининг санитария-эпидемиология жиҳатидан хотиржамлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва фуқаролар томонидан санитария-гигиена йўсинидаги ҳамда эпидемияга қарши тадбирлар ўтказилиши орқали таъминланиши белгиланган. (12-модда).
Ҳар бир фуқаро давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида оилага тааллуқли масалалар, ўзида ижтимоий аҳамиятли касалликлар ва атрофдагилар учун хавфли бўлган касалликлар бор-йўқлиги юзасидан бепул маслаҳатлар олиш ва текширувдан ўтиш ҳуқуқига эга.(18 модда).
Атрофдагилар учун хавфли касалликка чалинган шахсларга фуқаролар ёки улар қонуний вакилларининг розилигисиз тиббий ёрдам кўрсатилишига (тиббий кўрикдан ўтказиш, касалхонага ётқизиш, кузатиш ва яккалаб қўйишга) қонун ҳужжатларида белгиланган асосларда ва тартибда йўл қўйилади (28 модда).
Ўзбекистон Республикасининг “Санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги — аҳоли соғлиғининг ҳолати бўлиб, бунда инсонга яшаш муҳити омилларининг зарарли таъсири мавжуд бўлмайди ва унинг ҳаёт фаолияти учун қулай шарт-шароитлар таъминланиши белгиланган.
Ушбу қонунга кўра, чекловчи тадбирлар (карантин) — юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирларни ўз ичига олади.(3-модда).
Қонуннинг 17-моддасида фуқаролар аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши ҳамда бошқа фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ва қулай яшаш муҳитига бўлган ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлувчи ҳаракатларга йўл қўймаслиги шартлиги белгиланган.
Шуманой тумани адлия бўлими
бошлиғи Ж.Сейтеков