Шуманай тумани ҳудудидаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли автомототранспорт воситалари ва уларга тиркамаларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон
Республикаси Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 320-модда) 6, 25-моддалари, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 15-сон, 197-модда) 17-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 1-2-сон, 17-модда) мувофиқ транспорт воситаларининг 2020 йилда мажбурий техник кўригини ташкил қилиш мақсадида,
ҚАРОР ҚИЛАМАН:
1. Туман ҳудудидаги мулкчилик шаклидан қатъий назар юридик
ва жисмоний шахсларга тегишли автомототранспорт воситалари ва уларга тиркамалар
тегишли тартибда мажбурий техник кўрикдан ўтказилсин.
2. Туманда транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш қуйидаги даврийликка мувофиқ белгилансин:
а) тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар – бир йилда икки марта;
б) ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (мазкур банднинг “а” кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) – икки йилда бир марта;
в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт
воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) – бир йилда бир марта;
г) тиркамалар кўрикка транспорт воситаси – шатакчи учун белгиланган муддатларда;
д) навбатдаги техник кўрикдан ўтказишнинг илгари ўрнатилган муддатларидан қатъий назар, уларни ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) вақтида;
е) улар ишлаб чиқарилган йилдан қатъи назар, ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказилган (қайта рўйхатдан ўтказилган) кундан бошлаб бир йил ўтгач (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно).
3. Мазкур қарорнинг 2-банди “а” кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларининг техник кўриги:
биринчи марта – жорий йилнинг 1 мартидан 30 июнгача;
иккинчи марта – жорий йилнинг 1 сентябридан 31 октябргача ўтказилсин.
Юридик шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги жорий йилнинг 1 мартидан 30 июнгача ўтказилсин.
Жисмоний шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги жорий йилнинг 10 февралидан 31 августгача ўтказилсин.
4. Туман ҳудудидаги тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний
шахсларга, уларнинг ўзларига тегишли бўлган автотранспорт воситалари ва тиркамаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш, транпорт эгаларининг ўзларига қулай бўлган, ДЙҲХХ органлари томонидан белгиланган жойларда техник кўрикдан ўтказиш тавсия этилсин.
5. Туманда техник кўрикни ўтказиш учун тузилган комиссия
таркиби
1-иловага мувофиқ, жисмоний ва юридик
шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларининг 2020 йилги мажбурий техник
кўригини ўтказиш жадвали 2-иловага
мувофиқ тасдиқлансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил
31 январдаги “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 54-сонли қарори 3-банди талабларидан келиб чиқиб, туман мудофа бўлими, ички ишлар бўлими ва Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий бўлинмалари транспорт воситалари мажбурий техник кўриклари ўз юқори ташкилотларининг қарори ва иш режаси асосида амалга оширилиши назарда тутилсин.
7. Туман ҳокимининг 2019 йил 11 мартдаги “Шуманай тумани ҳудудида барча хўжалик юритувчи субъектларга ва фуқароларга тегишли бўлган автотранспорт воситаларини ва тиркамаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги 499/3-сон қарори (“Шоманай нуры” газетасининг 2019 йил 16 мартдаги №10 (5396)-сони) 2019 йилнинг 31 декабридан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Мазкур қарор “Шоманай нуры”
газетасида эълон қилинсин
ва ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
9. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Р.Клышевнинг зиммасига юклатилсин.
Шуманай тумани ҳокими Б.Янгибаев
25.02.2020 109/2-сон