Múrájat ushın isenim telefonı

background

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳририни қабул қилиш ҳақида Қонун имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳририни қабул қилиш ҳақида Қонун имзоланди.

Олий Мажлис Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳақида”ги Қонуни сенаторлар томонидан маъқулланган эди. Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан имзоланди ва кучга кирди.

Ушбу Қонунда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳририни қабул қилиш назарда тутилган.

Қонун билан Янги таҳрирдаги солиқ кодексида солиқларни унификациялаш, ўхшаш солиқ солиш базасига эга солиқларни бирлаштириш орқали улар сони мақбуллаштирилди, солиқ ҳисоботлари камайтирилди ва соддалаштирилди.

Шунингдек, Солиқ турлари 9 тагача қисқартирилди, яъни:

1) қўшилган қиймат солиғи;

2) акциз солиғи;

3) фойда солиғи;

4) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;

5) ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ;

6) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;

7) мол-мулк солиғи;

8) ер солиғи;

9) ижтимоий солиқ каби солиқ турлари қисқартирилдию

Солиқ кодексидан давлат божи, айрим турдаги товарлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимларга оид нормалар чиқарилди.

Энди улар “Давлат божи тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади.

“Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ;

Давлат божи юридик аҳамиятли ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган мажбурий тўловдир. Консуллик йиғими ва патент божи ҳам давлат божи ҳисобланади.

Бундан ташқари, бир қатор солиқ турлари ўрнига бошқалари киритилди, масалан:

         ягона ижтимоий тўлов ўрнига ижтимоий солиқ

         ягона солиқ тўлови ўрнига  айланмадан олинадиган солиқ

         қатъий белгиланган солиқ ўрнига қатъий белгиланган миқдорда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи

Янги таҳрирдаги солиқ кодексида Солиқ тўловчининг қарзини унинг дебиторидан ундириш БЕКОР ҚИЛИНДИ.

Ортиқча тўланган солиқ суммасини ўз вақтида қайтариш механизми жорий этилди.

ЭНДИЛИКДА – ортиқча тўланган солиқ суммасини солиқ тўловчига қайтаришнинг белгиланган муддати (15 кун) бузилса, муддат бузилган ҳар бир календарь куни учун фоизлар ҳисобланади.

Солиқ назорати ўтказишнинг янги тартиби жорий этилди.

Унга кўра, солиқ органлари солиқ текширувларининг камерал солиқ текшируви, сайёр солиқ текшируви, солиқ аудити каби турларини ўтказади.

         КАМЕРАЛ СОЛИҚ ТЕКШИРУВИ

Солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботини, молиявий ҳисоботни, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида солиқ органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар ҳамда маълумотларни таҳлил қилиш асосида солиқ органи томонидан ўтказилади.

         САЙЁР СОЛИҚ ТЕКШИРУВИ

Солиқ тўловчиларнинг солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш соҳасидаги айрим мажбуриятларини, шунингдек солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларини бажарилишини текшириш сайёр солиқ текширувидир.

         СОЛИҚ АУДИТИ

Муайян давр учун солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашнинг тўғрилигини текшириш солиқ аудитидир.

Солиқ аудити солиқ тўловчиларнинг (солиқ агентларининг) юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига мансуб солиқ тўловчига (солиқ агентига) нисбатан ўтказилади.

Солиқ органининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан суд тартибида шикоят қилиш фақат юқори турувчи солиқ органига шикоят қилинганидан кейингина мумкин бўлади. Бу қоида Давлат солиқ қўмитасининг қарори устидан шикоят қилишга нисбатан татбиқ этилмайди.

Солиқ имтиёзлари фақат Солиқ кодекси билан тақдим этилиши белгиланди. Бунда 2007 йилда қабул қилинган Солиқ кодексида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар 2020 йилнинг 1 апрелига қадар амал қилади.

Солиқ имтиёзлари фақат Солиқ кодекси билан тақдим этилиши белгиланди. Бунда 2020 йилнинг 1 январигача қабул қилинган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида, шу жумладан Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган имтиёзлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар амал қилади.

Кодекс билан бир қатор солиқ имтиёзлари белгиланди, ЭНДИЛИКДА – Ўзбекистон олий ўқув юртларида шахснинг  турмуш ўртоғининг таълим олиши учун йўналтириладиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари учун ҳам солиқ солинмайди ҳамда меценатлик кўмагини кўрсатишга йўналтириладиган даромадлар (солиқ базасининг 50 фоизидан ошмаган ҳолда) солиқдан озод қилинди.

Қуйидагилар учун махсус солиқ режимлари бекор қилинди:

         а) бозорлар учун, уларни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказган ҳолда. 2020 йил 1 январдан бошлаб бозорлар аввалги солиқ тўлаш тартиби (даромаднинг 50 фоизи) ўрнига қуйидагиларни тўлайди:

         умумдавлат солиқларини (агар реализация ҳажми 2019 йилда 1 миллиард сўмдан ошган бўлса) – юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, қўшилган қиймат солиғи ва 20 фоизли оширилган ставкада фойда солиғини;

         айланмадан солиқни (реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд. сўмдан кам бўлганда), шунингдек юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни;

б) концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар учун, уларга жисмоний шахслардан даромад солиғини тўлашни киритган ҳолда.

Концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун айланмадан солиқ (реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд. сўмдан кам бўлганда) ёки умумбелгиланган тартибда тўланадиган солиқлар (реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд. сўмдан ошганда) киритилади. Ушбу фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун олинадиган давлат божининг миқдори деярли                4 баравар камайтирилди;

в) қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун, уларни умумбелгиланган солиқ тўлашга ёки айланмадан солиқ тўлашга ўтказиш билан.

Шу билан бирга, ушбу тоифадаги солиқ тўловчилар учун фойда солиғининг ноль ставкаси белгиланади, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун ишлатиладиган мол-мулк қисми бўйича мол-мулк солиғидан ва томчилатиб суғориш тизими жорий этилган ерлар учун ер солиғидан имтиёзлар сақлаб қолинади.

КОДЕКСГА трансферт нарх шакллантиришни назорат қилиш нормалари, ўзаро боғлиқ шахслар, ўзаро боғлиқ шахслар ўртасида назорат қилинадиган битимлар, назорат қилинадиган чет эл компанияси тушунчалари киритилди.

Шу муносабат билан айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан фаолият амалга оширилиши билан боғлиқ “солиқ тўловчиларни консолидациялашган гуруҳи” тушунчаси ва уларни солиққа тортишнинг хусусиятлари белгиланди.

Кодексда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларга солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланди.

Хусусий нотариуслар Кодексда белгиланган тартибда солиқ тўловчи ҳисобланади.

•           Хусусий нотариуслар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида олинадиган даромадлар бўйича белгиланган ставкалар бўйича ижтимоий солиқ ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлайди.

•           Хусусий нотариус зиммасига ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ва ижтимоий солиқни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш мажбурияти юклатилади.

•           Хусусий нотариуслар нотариал хизматлар кўрсатиш бўйича ҚҚС тўлашдан озод этилади.

•           Хусусий нотариуслар фойда солиғини Кодексда белгиланган ставка бўйича тўлайди.

•           Фойда солиғи тўланганидан кейин хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг тасарруфида қолган фойда солиқ солиш мақсадида дивидендларга тенглаштирилади.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 2020 йил 1 январдан кучга кирди.

Солиқ кодексида назарда тутилган қуйидаги нормалар                        2022 йилнинг 1 январидан бошлаб кучга киради:

         трансферт нархларни белгилашда солиқ назорати

         назорат қилинадиган чет эл компанияларининг фойдасига солиқ солиш

         солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи

Шуманой тумани адлия бўлими бош маслаҳатчиси:Е.Канназаров

Skip to content