Ассалаума алейкум ҳурматли тадбиркорлар! Қадрли юртдошлар!
2020 йилда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамиятимизнинг энг муҳим устувор вазифалари бўлиб, “Тадбиркорларга мурожаатнома”ни баён этишга рухсат бергайсиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида 2019 йил 7 ноябрь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!” ғоясини қоғозда эмас, амалда ишга оширишимиз зарур.
“Бундан буён тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали эришиш мумкин”, – деган фикрни тумандаги барча тармоқ раҳбарлари бирдек англаб олиши зарур.
Туманда ҳаракатдаги 329 та тадбиркорлар субъектлари мавжуд бўлса, шундан қишлоқ ва ўрмон хўжалиги йўналишида 82 та, саноатта 68 та, қурилишда 32 та, савдо соҳасида 90 та ва бошқа сохада 57 та фаолият юритмоқда.
Улар билан учрашиш, уларни қийнаётган муаммоларни эшитиш, тадбиркорлар давлат ҳокимияти идораларидан кутаётган шарт-шароит ва хоҳиш-истакларини аниқ тушуниб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси Шуманай тумани бўлими ҳузурида 10 та тажрибали тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва нуронийларидан иборат бўлган Тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгаши ташкил этилди.
Иш тажрибаси шуни кўрсатдики, биз тадбиркорлар ташвиши ва муаммоларидан анча узоқлашиб қолган эканмиз.
Биз тадбиркорлар билдирган фикр-мулоҳаза ва таклифларни инобатга олиб, илғор давлат менежменти ва “ақлли” бошқарув принципларига босқичма-босқич ўтишимиз лозим.
Давлат идоралари тадбиркорларга яқин кўмакчи бўлиши зарур.
Мисол учун, туман бўйича қабулхонага 32 та мурожаатлари келиб тушган, шундан 11 таси кредит масаласи, 6 таси ер масаласи, 1 та инфратузилма тармоқларига уланиш масаласи, 1 таси солиқ масаласи, рухсатнома ва лицензияга боғлик 1 та масала, бино ажратиш бўйича 2 та масала, бошқа масалалар 11 та, ушбу мурожаатларнинг барчаси бевосита сектор раҳбарлари ва бошқа ваколатли тегишли мутасадди идора раҳбарлари иштирокида таҳлил қилинган ҳолда, тадбиркорларни қийнаётган тизимли муаммолар ва уларни келтириб чиқарган асосий сабаблари аниқланди ва ижобий ҳал қилинишига эришилди.
Жумладан, 65 та ҳаракатсиз тадбиркорлик субъектларининг 24 таси бино ва кредит масалалари ҳал қилиниб қайта ишга туширилди.
Ҳозирги вақтда, “Тадбиркорларни қийнаётган иккита муҳим масала бор: ер ажратиш ва кредит бериш. Бундан буён ҳақиқий тадбиркор бўлиш истагида юрганларга ер ажратиш очиқ-ошкора равишда, барча учун тенг шароитлар яратган ҳолда, электрон аукцион орқали амалга оширилади.
Кредит бериш тизими ҳам соддалаштирилади (вилоят, республика банклари ваколатларини тумандаги банкларга бериш орқали), ортиқча қоғозбозлик ва сарсонгарчиликларга барҳам берилади”.
2019 йил январ-октябр ойларида туман тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларини ривожлантириш учун 8 млрд 391 млн сўм кредит маблағлари ажратилди, шундан “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури асосида 387 фуқарога 4 млрд 986 млн сўм, хунармандчиликка 7 фуқарога 218 млн. сўм, тикув цехларини ташкил қилишга 37 фуқарога 493 млн. сўм, иссиқхона қуриш учун 15 фуқарога 280 млн.сўм, наслдор қорамолчилик, қўй-эчкилик, қуёнчилик, балиқчилик, асаларичилик ва паррандачиликни ривожлантириш учун 2 млрд. 270 млн. сўм, бошқа йўналишлар учун 31 та фуқарога 369 млн. сўм кредит маблағлари ажратилди. Шунингдек фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 9 та фуқарога 154 млн. сўм, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида 3 та фуқарога 43 млн. сўм, хунармандчиликни ривожлантириш учун 13 та фуқарога 400 млн. сўм, Ҳотин-қизлар жамғармаси ҳисобидан 21 та фуқарога 632 млн. сўм, “Ёшлар келажагимиз” дастури асосида 1 та фуқарога 260 млн. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.
Давлатимиз раҳбарининг халқ хўжалигининг барча соҳаларида ишлаб чиқаришни кенгайтириш, юқори махсулдорликга эришиш мақсадида кластер тизимини жорий этиш бўйича топшириғига мувофиқ, туманимизда 2020 йилда 1 та пахта ва 3 та ғалла ва 1 та шоличилик кластерлари ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини ҳал қилиш мақсадида ҳар бир маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида алоҳида рўйхатга олиш тизими яратилди.
“Бундан буён тадбиркорлар жамиятда энг асосий етакчи кучга айланиб, барча маҳаллий давлат идоралар фаолиятига баҳо бериш ҳамда уларнинг фаолияти, энг аввало, тадбиркорларнинг манфаатларига хизмат қилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатадилар”.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2019 йил 20-21 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган 35-сонли мажлис баёни бўйича туманимизнинг хусусияти, салоҳияти ва паррандачиликка ихтисослашувидан келиб чиқиб, туманимизда 2020-2021 йиллар давомида қиймати 7,8 млрд.сўм маблағлар хисобига 15 та парранда ва кўркачилик лойиҳаларини амалга ошириш ва бунинг натижасида 3,1 мингдан зиёт ишсиз фуқароларнинг бандлиги таьминланиши белгиланмоқда, ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 2020 йилнинг ӱзида 150 тонна парранда гӱшти ва 22,1 млн дона тухум етиштириш ва 2021 йилда эса 280 тонна парранда гӱшти ва 28,7 млн дона тухум етиштириш кӱзда тутилмоқда.
Шунингдек аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг бизнес ғояларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш мақсадида 2019-2021 йилга комплек ривожлантириш Дастури доирасида лойиҳаларнинг Шуманай тумани бўйича жами 241 млрд976 млн сўмлик (ўз маблағи 88 млрд 493 млн сўм, банк кредити 105 млрд 183 млн сўм, 3,5 млн АҚШ доллари хорижий кредит, чет эл инвестицияси 2,0 млн АҚШ доллари) 29 та инвестиция лойиҳалари киритилди ва 766 та янги иш ўринлари яратилиши кутилмокда.
Шундан саноат соҳасида 228 млрд 336 млн сўмлик (ўз маблағи 81 млрд 753 млн сўм, банк кредити 101 млрд 753 млн сўм, 3,1 млн АҚШ доллари хорижий кредит, чет эл инвестицияси 2,0 млн АҚШ доллари) 15 талойиҳа киритилиб, 621 та янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.
– Қурилиш саноати 5,0 млрд сўмлик (ўз маблағи 2 млрд 700 млн сўм, банк кредити 2 млрд 260 млн сўм) 3 та лойиҳада 45 та янги иш ўринлари яратилиши;
– озиқ-овқат йўналишида 4 млрд 908 млн сўмлик (ўз маблағи 2 млрд 198 млн сўм, банк кредити 2 млрд 710 млн сўм) 5 та лойиҳани амалга оширишда 53 та янги иш ўринлари;
– Ноозиқ-овқат йўналишида 19 млрд 075 млн сўмлик (ўз маблағи 2 млрд 75 млн сўм, хорижий инвестиция 2,0 млн АҚШ доллари) 3 та лойиҳани амалга оширишда 150 та янги иш ўринлари яратилиши;
– 3 та лойиҳа енгил санаатда 197 млрд 353 млн сўмлик (ўз маблағи 73 млрд 470 млн сўм, банк кредити 16,1 млн АКШ долл ва 30 млн сўм) лойиҳа амалга оширилиши натижасида 350 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилмоқда.
“Ҳар бир лойиҳа шахсий назоратимиз остида бўлади. Лойиҳани ишлаб чиқишдан, то уни амалга оширишгача бўлган барча жараёнда бевосита кўмак бериш биринчи галдаги вазифамиздир.
Бир нарсани англашимиз керак: Сизнинг лойиҳангиз – туманимизнинг эртанги келажаги ва аҳолимиз фаровонлигининг кафолатидир. Сиз туфайли туманда ишсизлик қисқаради, даромадлар ошади, оилаларимиз, аёлларимиз ва фарзандларимиз турмушидан миннатдор бўлиб, ўз юртида ҳаловат топади”.
2020 йилда Шуманай туманини жадал ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича устувор вазифаларни амалга ошириш учун 5 млн АҚШ долларида тўғридан-тўғри инвестиция маблағлари киритилиши режалаштирилган бўлса, шунингдек 3 млн. 695 минг АҚШ долларида экспорт маҳсулотларини чет элга чиқарилиши кутилмоқда ва ушбу жараёнда хусусий тадбиркорликнинг тутган ўрни ва аҳамияти катта.
Муваффақиятли фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар, шу жумладан фаол экспортёр корхоналар қаторида прогноз кўрсаткичларини бажариб юрган “Шуманай Агро Импекс”, “Ликорайс Инжениринг” ва “Ян экспорт сервис” маъсулияти чекланган жамиятларини айтиб ўтсак бўлади.
Тадбиркорликнинг ривожланишига ҳалақит қилаётган барча тўсиқ-ғовларни бартараф этиш ва ҳар бир ҳудудда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг кафолатларини мужассам этган ишончли тизим яратилганлигини қайд қиламиз.
Тадбиркорликка ортиқча аралашувларнинг олдини олиш, эндиликда давлат органлари билан муносабатлар текшириш эмас, балки тадбиркорликка фақат ва фақат ёрдамлашиш нуқтаи назаридан қурилади;
ҳар бир тадбиркорнинг мулки дахлсиз, ҳеч бир тадбиркордан турли сабабларни важ қилиб, унинг мулки тортиб олинмаслиги ёки бузилмаслиги кафотланади. Бунда, тадбиркорларнинг мол-мулкига барча раҳбарлар томонидан “ўз шахсий томорқам” деган қарашга барҳам бериш, тадбиркорлар мол-мулки далхсизлигига тўлиқ ва виждонан риоя қилинади;
тадбиркорлар иштирокида турли мажлисбозликка чек қўйилди, туман ҳокимлиги вазифаларини тадбиркорларга юклаш ва уларни ҳомийликка мажбурлаш амалиётига бутунлай чек қўйилди, барча шароятлар яратилган.
Биз бугун барчамизнинг умидимиз ва суянчимиз бўлган тадбиркорларимизга ишониб, маррани катта олмоқдамиз.
Азиз тадбиркорлар фарзандларимиз, набираларимиз бахтини, камолини ўйлаб, эл-юртимизнинг, халқимизнинг ёруғ келажагини кўзлаб, олдимизга улкан вазифалар қўймоқдамиз.
Нияти улуғ халқнинг – иши ҳам улуғ, ҳаёти ёруғ ва келажаги фаровон бўлади.
Қанчалик қийин бўлмасин, фақат олдинга – янги, юксак марралар сари боришимиз керак.
Барчамиз буни чуқур англашимиз, қадрига етишимиз зарур.
Эътиборларингиз учун катта раҳмат!